Ўша кунлари Исо Жалиланинг Насро шаҳридан келди, Яҳё Уни Иордан дарёсига чўмилтирди. Исо сувдан чиқиши биланоқ осмон очилиб, Муқаддас Руҳ каптардай учиб Исо нинг бошига қўнгани кўрилди. Осмондан эса: Сен Менинг севикли Ўғлимсан, Сендан мамнунман, деган садо эшитилди.
Муқаддас Руҳ Исони дарҳол чўлга суриб кетди. Исо чўлда қирқ кун бўлиб, шайтон томонидан васвасага солинди. У ҳайвонлар билан бирга яшади, фаришталар Унга хизмат қилишди. Яҳё қамаб кўйилгандан сўнг, Исо Жалилага қайтди. У Худонинг Шоҳлиги ҳақида Хушхабар тарқатди. Вақт-соати келди, Худонинг Шоҳлиги яқинлашиб қолди. Тавба қилинглар, Инжилга имон келтиринглар! деб ваъз қилиб юрди.
Исо Жалила кўли бўйидан ўтаётиб, кўлга тўр ташлаб ўтирган Симон ва унинг укаси Андрейни кўриб қолди. Улар балиқчи эдилар. Исо уларга: Менинг кетимдан юринглар, Мен сизларни инсон овчилари қиламан, деди. Улар эса дарҳол тўрларини ташлаб, Исонинг ортидан юришди. Исо у ердан бир оз нари юргач, Забадий ўғиллари Ёқуб ва унинг укаси Юҳаннони кўриб қолди. Улар қайиқда тўрларини ямаб ўтиришган эди. Исо уларни ҳам чақирди-қолди. Улар шу онда оталари Забадийни ишчилар билан қайиқда қолдириб, Исонинг орқасидан юришди.
Улар Кафарнаҳум шаҳрига кириб келишди. Жума куни кеч киргач, Исо яҳудий ибодатхонасига бориб, таълим бера бошлади. Халойиқ Исонинг таълимотига ҳайрон қолди. Чунки У одамларга уламолар каби эмас, балки кудратли куч эгасидай таъсирчан таълим берар эди. Ўша ибодатхонада ёмон руҳга чалинган бир одам бор эди. У тўсатдан қичқириб юборди: Эй насролик Исо! Бизда нима ишинг бор? Сен бизни ҳалок қилгани келдингим? Сенинг кимлигингни биламан, Сен Худонинг Азизисан! Бироқ Исо ёмон руҳга дўқ уриб: Жим бўл ва ундан чиқиб кет! деди. Ёмон руҳ у одамни ларзага солди-да, овози борича бақириб, унинг вужудидан чиқиб кетди. Ҳаммани ваҳима босди. Ўзаро фикр юритиб: Бу нима гап? Бу қанақа янги таълимот экан? У ёмон руҳларга ҳам қудрат билан буюради, руҳлар эса Унга бўйсунади! дейишди. Шундай қилиб, Исо ҳақидаги шов-шув тезда бутун Жалила юртига ёйилиб, ён-атрофга овоза бўлди.
Ибодатхонадан чиққан ҳамон Исо Ўзи билан Ёқуб ва Юҳаннони олиб, Симон ва Андрейнинг уйига боришди. Симоннинг қайнонаси иситмалаб ётган эди. У ҳақда Исога айтиб қолишди. Исо аёлнинг ёнига бориб, кўлидан ушлаб кўтарди. Шу заҳоти иситма тушди ва аёл хизматга тутинди. Қуёш ботиб, кек кирган пайтда, барча касаллар ва жинга чалинганларни Исонинг олдига олиб кела бошлашди. Бутун шаҳар аҳолиси эшик олдига йиғилиб қолди. Исо талай дарду иллатлардан қийналганларни соғайтирди. Кўп жинларни кувиб чиқарди, уларнинг сўзлашига эса имкон бермасди. Чунки жинлар Исонинг Масиҳлигини билар эдилар.
Эрталаб Исо жуда барвақт турди ва шаҳардан ташқарига, хилват жойга бориб, ибодат қилди. Симон ва унинг жўралари Исонинг орқасидан боришди. Исони топиб: Ҳамма Сени излаяпти-ку! дейишди. Исо уларга: Яқин атрофдаги қишлоқ ва шаҳарларга борайлик, Мен у ерларда ҳам воизлик қилайин, чунки Мен ана шу мақсад учун келганман, деди. Шундай қилиб, Исо бутун Жалила юртини кезиб чиқиб, маҳаллий ибодатхоналарда воизлик қилар ва жинларни қувиб чиқарар эди.
Бир мохов Исога яқинлашиб, Унинг олдида тиз чўкканча ялинди: Агар истасанг, мени моховликдан пок қила оласан. Исонинг унга раҳми келиб, қўлини узатди ва унга тегизиб: Истайман, пок бўл! деб кўйди. Буни айтар-айтмас, у одамнинг моховлиги ариб, покпокиза бўлиб кетди. Исо эса унга жиддий танбеҳ бериб: Менга қара! Ҳеч кимга ҳеч нарса айтма, лекин бориб руҳонийга кўрин ва соғайганингни тасдиқлат, бундан далолат бўлиши учун Мусо пайғамбар буюрган курбонликларни келтириб бер, деди-да, уни дарҳол жўнатиб юборди. У киши чиқбоқ, рўй берган ҳодиса ҳақида ҳамма ёққа эълон қила бошлади. Натижада Исо энди бирор шаҳарга очиқ киролмайдиган бўлиб қолди. У шаҳардан ташқарда, хилват жойлардагина бўларди. Шунга қарамай, халойиқ ҳар томондан Унинг олдига келар эди.